Тожик аёли ҳамон зўравонлик домида

Марказий Осиëда хотин-қизларга қарши зўравонлик¸ аксар ҳолларда аëллар мутелиги сабаб¸ жазосиз қолмоқда ва кенгайгандан кенгайиб бормоқда.
25.11.2008
Гулнора Равшан
Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш бўйича минтақада энг кўп қонун қабул қилинган Тожикистонда бу жабҳада амалга оширилган ишлар кўнгилдагидек эмас.

“Ҳуқуқшунос аёллар лигаси” ноҳукумат ташкилоти вакили, ҳуқуқшунос Зебо Шарипованинг билдиришича, ўтган 17 йил мобайнида Тожикистонда ўнга яқин шу мазмундаги қонунлар ишлаб чиқилган.

- Аммо мавжуд қонунлар аёлларга нисбатан зўровонлик, хусусан,    уйдаги зўровонликка барҳам бериш йўлида кўрилган чоралар кўнгилдагидек натижа берганича йўқ. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари кўпинча бирор аёлга нисбатан уйда зўровонлик қилингани тўғрисидаги хабарни олсалар-да, бунга тезлик билан чора кўришга шошилмайди. Бу хил зўровонликка “оилавий муаммо”, деб қаралади, - деди Зебо Шарипова.

Унга кўра, “Ҳуқуқшунос аёллар лигаси” қошида ташкил этилган зўровонликка учраган аёлларга кўмаклашувчи марказга деярли ҳар куни “эри томонидан дўппосланган, эрта никоҳдан ўтишга ёки жинсий алоқа қилишга мажбур қилинган қизлар шикоят билан келишади”.

- Марказимизга мурожаат қилганлар жисмоний зўровонлик билан руҳий ва иқтисодий босимга ҳам учрайдилар. Аммо кўплаб жабрдийдалар маънавий тазйиқни зўровонлик, деб билишмайди, - деди Зебо Шарипова.

Ҳуқуқшунос Гулжаҳон Бобосодиқованинг таъкидлашича, “уйда зўравонликка дуч келган аёллар ўзига нисбатан зўровонлик қилган эри ёки оила бошқа аъзоси устидан шикоят қилиб борса, уларни қамаб қўйишларидан, моддий таъминотчиларидан ажралиб қолишларидан қўрқишади ва йиллар давомида  жабру зулмга чидаб келишади”.

- Шунинг учун ҳам аёлларни зўровонликдан ҳимоя қилишнинг ҳозир амал қилаётган қонунчиликдаги жиноий ва маъмурий механизмлари самара бермаётир, - деди Гулжаҳон Бобосодиқова.

“Тожикистонлик аёл нега эри ва оиланинг бошқа аъзолари зулмига чидайди?” деган савол билан тожикистонлик аёлларнинг ўзига микрофон тутдик:

- Энди у эримиз бўлади, ҳаққи бор. Отамизнинг эшигидан чиққанмиз. Ҳаққи бор - уради. Аёлнинг ўзидан ўтади, кейин эр дўппослайди-да, -деди ўз исмини айтмаган суҳбатдош.

Кўпни кўрган Мукаррамахон ая  эса “эр-хотин уруши – дока рўмол қуриши” эканини ва бундай пайтларда шикоят қилиб, милицияга чопиш уят эканини таъкидлади:

- “Эр-хотин уруши – дока рўмол қуриши”, дейдилар. Бирпасдан кейин яна ярашиб олади. Аччиғи келганда, уришади. Эрнинг кўнглини яхши топиб олса, эркак киши урмайди, - деди онахон.

Қайд этиш жоизки, ўтган йил Тожикистондаги аёллар билан ишловчи бир қатор ноҳукумат ташкилот вакиллари республика Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда “Уйда зўровонликка учраган аёлларга ижтимоий кўмак кўрсатиш” тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб мамлакат парламентига тақдим этган эди.

Гендер масалалари бўйича таҳлилчи Марям Давлатова, агар бу қонун қабул қилинганида, тожик жамиятидаги аёлга нисбатан зўровонлик муаммоси ўз ечимини топган бўларди, деган ишончда.

- Чунки бу қонун аввалгиларидан кўп жиҳатлари билан фарқ қилади. Биз ишлаган қонун – жазолашни кўзда тутадиган қонун эмас, балки муаммонинг олдини олувчи қонундир. Аммо, афсуски, бизга номаълум сабабларга кўра, бу қонун ҳозирга қадар ҳукумат томонидан тасдиқланмай қолмоқда, - деди Марямбону.

Қайд этиш жоизки, жорий йил Тожикистонда  қирққа яқин аёлларнинг ноҳукумат ташкилотлари коалиция ташкил этганлар. Мазкур коалициянинг асосий мақсади БМТнинг “Аёлларга нисбатан зўровонликнинг барча турларига ва жинсий зўровонликка барҳам бериш” Конвенцияси талабларини бажаришдан иборатдир. Бироқ бу ташкилот ўз олдига қўйган мақсадига қанчалик даражада эришгани ҳозирча номаълум.

-------------------------------------------
Bu narsani minglab qonunlar ham qaytara olmaydi, buni yechimi islom, Allohga iymon keltirgan erkak-er ayolining Allohdan olgan omonati ekanligini tushunib yetsa bo'ldi, uning uchun qonun ham kerak bo'lmaydi.