Эрнинг хотин устидаги ҳаққининг улуғлиги
Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар аёл эрнинг ҳаққини билганида, унинг тушлик ва кечки овқати ҳозир бўлганда то у ундан фориғ бўлмагунича ўтирмаган бўларди» (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 5259).
Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эрнинг аёли устидаги ҳаққи шунчаки, агар баданида яраси бўлса, уни яласа ҳам ҳаққини адо этолмайди[1]» (Ҳоким ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 3148).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Инсон инсонга сажда қилиши дуруст эмас. Агар инсоннинг инсонга сажда қилиши дуруст бўлганда эди, аёл киши устида эрнинг ҳаққи улуғ бўлгани учун уни ўз эрига сажда қилишга буюрган бўлар эдим. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар эр бошидан оёғигача йирингли яра билан қопланган бўлса-ю, аёли уни ялаб чиқса ҳам ҳаққини ўтай олмаган бўлар эди[2]» (Аҳмад, Насоий ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 7725).
Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Муоз розияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, аҳли китоблар ўз епископ ва патриархларига сажда қилишади, нима дейсиз, биз ҳам сизга сажда қилсак бўладими?», деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар бировни бошқа бировга сажда қилишга буюрганимда эди, аёл кишини эрига сажда қилишга буюрган бўлардим. Аёл киши эрининг ҳаққини адо этолмайди, ҳатто уни туяни устида бўлган ҳолида нафсини қондириш учун чорласа-да, ўзини унга бахш этсин», дедилар (Табароний «Ал-муъжамул-кабир»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3366).
Бир ривоятда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар бировни бошқа бировга сажда қилишга буюрганимда эди, аёл киши устида эрнинг ҳаққи улуғ бўлгани учун уни ўз эрига сажда қилишга буюрган бўлар эдим. Аёл киши то эрининг ҳаққини адо қилмагунча иймон ҳаловатини топмайди, агар уни туяни устида бўлган ҳолида эри нафсини қондириш учун чорласа, жавоб берсин», дедилар (Ҳоким ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 1938).
Абдуллоҳ ибн Аби Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, аёл киши то эрининг ҳаққини тўла адо этмагунича Раббининг ҳаққини адо этолмайди» (Аҳмад, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 5295).
Ҳусойн ибн Миҳсон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Аммамнинг айтишича, у баъзи эҳтиёжлари туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига борган экан. Шунда у зот ундан: «Турмушга чиққанмисан?», деб сўрабдилар. «Ҳа», деган экан, «Эрингга қандай муомала қиласан», дебдилар. «Қўлимдан келганича парво қиламан», дебди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У билан қиладиган муносабатингга диққат қил, чунки жаннатинг ҳам, дўзахинг ҳам удир», дебдилар» «Табароний «Авсат»да ва Ҳоким ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 1509).
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қизини етаклаб келиб: «Мана бу қизим турмушга чиқишга кўнмаяпти», деб шикоят қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизга: «Отангга итоат қил», дедилар. Қиз: «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, эрнинг аёли устида қандай ҳақлари борлигини айтиб бермагунингизча турмушга чиқмайман», деди. «Эрнинг аёли устидаги ҳаққи шунчаки, агар баданида яраси бўлса-ю, аёли уни яласа ёки бурнидан йиринг ёки қон оқаётган бўлса-ю, уни ютиб юборса, шунда ҳам унинг ҳаққини адо этолмайди», дедилар[3]. Шунда қиз: «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, ҳеч қачон турмушга чиқмайман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қизларни ўз изнларисиз турмушга берманглар», дедилар (Баззор, Ибн Ҳиббон ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарғиб: 1934).
--------------------------------------------------------------------------------
[1] Бундан мурод – айни шу ишни қилиш эмас, балки эрнинг фазли ва унинг ҳаққи қанчалар улуғлигини баён қилишдир. Чунки, бундай қилиш кишининг тоқати кўтармайдиган ишлардан, Ислом инсонга тоқатидан ташқари нарсани юкламайди.
[2] Шунча гапларга қарамай, айримлар борки: «Аёлини хизмат қилдиришга эрнинг ҳаққи йўқ», дейишади..!!
[3] Юқорида айтганимиздек, бундан мурод айни шундай қилиш эмас, балки эрнинг ҳаққи улуғлигини баён қилишдир. Яъни, аёл киши ҳар қанча ҳаракат қилмасин, эрининг ҳаққини адо этишга қодир бўлмайди. Мабодо баданида яра бўлса, уни ялашга қанчалик қодир бўлмаса, унинг ҳаққини адо этишга ҳам шунчалар қодир бўлмайди.