Таркибида спирт бўлган атирлар

Савол: Муҳтарам шайх, таркибида спирт бўлган атирларни ишлатиш ҳаромми? Бадан ёки кийимга у атирлар теккан бўлса, намоз ўқиш жоиз эмасми? Ароқ пок нарсами ёки нажасми? Аллоҳ устингиздан савоблар ёғдирсин, менга тушунтириб берсангиз.

Шайх доктор Солиҳ Фавзон ал–Фавзон жавоб беради:

Маст қилувчи атирни истеъмол қилиш ҳаромдир ва у теккан кийимда бошқа нажосатлар каби ювиб тозаланмагунича, намоз ўқиш жоиз эмас. Баданнинг ҳам бу атирлар теккан жойини ювиш керак. Чунки, бу атирлар нажас ҳисобланади. Чунки улар – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисларига кўра ароқдир: «Ҳар бир маст қилувчи нарса – ароқдир ва ҳар бир ароқ – ҳаромдир» (Имом Муслим «Саҳиҳ», 3/1588).

Қувватли фикр: ароқ, Аллоҳнинг қуйидаги оятига биноан, нажасдир: «Эй мўминлар, ароқ (маcт қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз!» (Моида: 90).

Аллоҳ таоло бу оятда ароқнинг «рижс» эканидан хабар берди. «Рижс» эса – «нажосат», демакдир. Бундан ташқари, Аллоҳ ароқдан сақланишни амр қилди. Бу унинг нажас (нажосат) эканига далилдир.

Валлоҳу аълам.   

Манбаъ: «ал-Мунтақо мин фатаваа ал-Фавзан: Китабут-тоҳараҳ», ўттиз тўртинчи савол.